Филиал ўқитувчилари мактаб ўқувчи ёшлари билан учрашди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали ўқитувчилари, жумладан, Қ.Арзыев, Н.Қурбанбаева ҳамда У.Турдымуратовалар Амударё туманидаги ХТБга тегишли 51 сон умумтаълим мактабига ташриф буюриб, мактабнинг 10 синф ўқувчилари билан суҳбатлашдилар. Мактаб директори Ш.Қурбанбаев уларни кутиб олди ва мактаб фаолияти билан яқиндан таништирди. Мазкур ташрифдан асосий мақсад умумтаълим мактаблари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш, филиал ҳамда мактаб ўқитувчиларининг алоқаларини мустаҳкамлаш, бу ердаги таълим сифати билан яқиндан танишиб, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ўқувчиларни филиал фаолияти билан таништиришдан иборат. Бугунги суҳбат давомида ҳам ўқитувчилар томонидан филиалдаги ўқув жараёни ҳамда у ерда таҳсил олаётган талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаш учун ҳозирдан яхши тайёргарлик кўриб, устозлар берган билимларни қунт билан ўзлаштириб бориш бўйича ҳам ўз тавсияларини бериб ўтдилар. Мактаб ўқувчиларининг самимий нигоҳларидан жўшқинлик ва шижоатни илғаш қийин эмас. Суҳбат якунида ўқувчи ёшлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди. Филиал ўқитувчилари мактаб директори билан келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар борасида келишиб олдилар.
скачать dle 12.1