Чорвачилик соҳасида Украина инвестицияси жалб қилинади
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Украина тижорат ва саноат палатаси, Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси вакиллари иштирокида онлайн семинар бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида қўмита мутахассислари ва Украинанинг юртимиздаги элчиси Н. Дорошенко билан бир муддат аввал бўлиб ўтган учрашув, унда келишилган масалаларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Украинанинг Иқтисодий ривожланиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузишга келишилди. Ем-хашак экинлари уруғларини (соя, кунгабоқар) қайта ишлаш бўйича қўшма корхона, ветеринария мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва Украинанинг ихтисослаштирилган университетлари, шунингдек ветеринария, чорвачилик ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, украиналик инвесторлар иштирокида паррандачилик корхоналари учун ем ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш учун ҳар икки давлатнинг йирик тадбиркорлик субъектлари иштирокида “Ишбилармонлар кенгаши”ни ташкил этишга келишилди.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати
скачать dle 12.1