Филиал талабаси 400 млн сўм грант маблағини қўлга киритди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали Зооинженерия:Балиқчилик йўналишининг 2-босқич талабаси Парахат Тилеклесов Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) томонидан ўтказилган “Орол денгизи минтақасининг шўрланган ерларида инновацион стартап лойиҳалар” танловида иштирок этиб, ғолиб бўлган эди. “Оролбўйида балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек йўқолиб кетиш хавфи остида турган балиқ турларини тиклаш” номли мазкур лойиҳага унинг акаси Полат Жайлибаев раҳбарлик қилди. 400 млн сўм грант маблағини қўлга киритган лойиҳа ва ғоя муаллифи бўлган талабамиз П.Тилеклесов эндиликда лойиҳани амалга ошириш ишларини бошлаб юборганлигини таъкидлади. Лойиҳа доирасида Оролбўйида балиқчиликни ривожлантириш, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, шу ердаги фермер хўжаликларига арзон майда балиқ чавақларини етиштириб бериш ҳамда балиқ турларини тиклаш кўзда тутилган. Шунингдек бошланишига 5 нафар киши (кейинчалик ишчилар сони ортиб боради) иш билан таъминланади. 15 тонна балиқ личинкаларини етиштириш ва келаси йилда 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жамғариш режалаштирилган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Мўйноқ туманида талабамизнинг оилавий “Бостанова Несибели” МЧЖ балиқ корхонаси 2019 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Албатта, мана шундай инновацион ғояларни амалга оширишга интилган зийрак талабамиздан жуда мамнун бўлдик. Тақдим этилган имкониятдан унумли фойдалана олиш ҳам муҳим ҳисобланади. Филиал талабаси Парахат Тилеклесовнинг келгуси ишларида мувафақиятлар тилаб қоламиз.
Филиал матбуот хизматискачать dle 12.1