Элчи Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов мамлакатимизнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов билан учрашди.
Мулоқот чоғида чорвачиликни ривожлантиришда ҳамкорлик Меморандуми имзоланишини жадаллаштириш, мамлакатимизда чучук сувда яшовчи балиқларни кўпайтириш лойиҳаларига инвестиция жалб этиш, подшоҳликнинг Қосим вилоятидаги бўталоқлар эмбрионини ишлаб чиқаришга ихтисослашган дунёдаги энг йирик марказ билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистонга наслли туя эмбрионларини импорт қилиш ва наслли ген маҳсулотни юртимизда етиштиришга ихтисослашган ҳамкорликдаги наслчилик марказини ташкил этиш муҳокама қилинди.
Элчининг айтишича, Ар-Риёд шаҳридаги Халқаро туячилик ташкилоти Бош котиби Муборак ас-Сувайлим марказ фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш, икки томонлама ҳамкорлик қилиш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассисларининг Саудияга ташрифини уюштиришга, шунингдек, мамлакатимизга наслли туяларни етказиб беришга тайёр эканлигини билдирган.
Наслли туя эмбрионларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бундай марказнинг умумий лойиҳа қиймати 27 млн. АҚШ доллари бўлиб, унда 160 турдаги лаборатория таҳлилларини ўтказадиган 60 дан ортиқ замонавий жиҳозлар, бир вақтнинг ўзида 144 бош туяни кўрикдан ўтказа оладиган текшириш зали ва 4 минг бош туяни бир вақтда даволай оладиган техник имкониятлар мавжуд.
Марказда эмбриология ва наслчиликни яхшилаш соҳасида ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Ўртача 25-30 йил умр кўрадиган бир бош урғочи туя, одатда умри давомида 7 бош бўталоқ берса, марказдаги тадқиқотлардан кейин бир мавсумнинг ўзида 7 бошгача кўпайтиришга эришилади.
ЎзА
скачать dle 12.1