Қўмита раисининг биринчи ўринбосари талабалар билан учрашув ўтказди
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шухрат Жабборов Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалига ташриф буюриб, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар билан учрашув ўтказди. Учрашувга қўмита бошқарма бошлиғи М.Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Қ.Пирназаров иштирок этишди. Филиал директори А.Есимбетов тадбирни очиб бериб, ташриф буюрган меҳмонларни иштирокчиларга таништириб ўтди. Шундан сўнг Ш.Жабборов филиалнинг бугунги кундаги фаолияти, бўлажак мутахассисларнинг таълим олиш жараёни ҳамда соҳадаги янгиликлар борасида батафсил сўз юритди. Қўмита томонидан филиалда вилоят ва олис туманлардан келиб таҳсил олаётган талабалар учун келгусида талабалар турар жойини қуриб бериш режалаштирилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Маълумки, назарий билимларни амалий тажрибалар янада мустаҳкамлаб боради. Айниқса мазкур соҳада амалиёт муҳим аҳамият касб этади. Учрашув давомида бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Филиал талабалари учун назарий ва амалий машғулотларни ташкил этишда “Панамилк” сут махсулотларини қайта ишловчи корхонаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш ҳамда балиқчилик кластерларида амалиёт ўташ борасида Ш.Жабборов томонидан аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, ташриф буюрган меҳмонлар М.Юсупов ҳамда Қ.Пирназаровлар ҳозирги кунда соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатлар, янгиланишлар ҳамда келгусида режалаштирилаётган муҳим вазифалар ҳақида айтиб ўтдилар.
Самимий суҳбат чоғида филиал талабалари эркин тарзда ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Раиснинг биринчи ўринбосари қўмита ҳар дойим филиал билан ҳамкорлик қилишга ҳамда ёш мутахассислар сифатли таълим олиши учун амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мазкур учрашув давомида талабалар соҳа бўйича муҳим маълумотларга ҳамда яхши таассуротларга эга бўлишди.
скачать dle 12.1