Янги йил муборак бўлсин!
Мана кўзни очиб юмгунча 2020 йил якунланиб, янги 2021 йил кириб келиш арафасида турибди. Албатта, бу йил нафақат мамлакатимиз, бутун дунё учун оғир ва синовли йил бўлди. Минг шукурлар бўлсин, халқимиз ҳамжиҳатликда, бир-биримизга елкадош бўлиб, синов элагидан деярли ўтиб келмоқдамиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз”, дея таъкидлаб ўтди. 2020 йил қандай синовли кечган бўлса ҳам қалбимизга яхши хотиралар билан муҳирланган дамлар ҳам йўқ эмас. Афсуслар бўлсинки, оғир жудоликларга учраган бўлсак-да, муҳими бугун оиламиз ва яқинларимиз билан биргаликда сиҳат-саломатликда янги йилни қарши олиш насиб этганлиги учун шукуроналар келтиришимиз керак. Йил сарҳисобини қилар эканмиз, филиалда бу йил кўп ишлар амалга оширилганлигини ва янгиликлар юз берганлигини кўриб туриб ич-ичимдан жуда севиндим. Биринчи навбатда, 2020 йил қишки таътилдан сўнг талабалар ўз биномизда ўқишни бошлаганлигини яна бир марта алоҳида таъкидлаб ўтишим зарур. Бу лаҳзалар филиалимиз тарихига ҳамда юрагимизга муҳирланди. Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълими учун қабул квотасида Ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари ҳамда Зооинженерия (асаларичилик) йўналишлари янгитдан қўшилди. Филиал талабаларининг сафи кенгайди. Тажрибали ва етук билимга эга ўқитувчилар ишга жалб этилди. Филиал ходимлари сони ўтган йил билан солиштирганда анча ошди. Бунинг замирида эса ёш ветеринар мутахассисларга етук билим бериш турибди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, юртимиздаги барча олий таълим муассасалари қаторида биринчи марта онлайн тарзда таълим беришни синаб кўрдик. Бунда филиал профессор-ўқитувчиларининг машақатли меҳнати ҳамда фаоллиги муҳим роль ўйнади. Ўз ўрнида талабалар ҳам масофадан туриб, вазифаларни бажаришга астойидил ҳаракат қилдилар. Онлайн таълим беришни аъло даражада уддалай олмаган бўлсак-да, ўзимиз кутган натижага эриша олдик десак муболаға бўлмайди. Албатта бунда камчилик ва ютуқлар бор. Филиал имиджини шакллантириш ва янгиликларни ёритиб боришда матбуот хизматининг аҳамияти катта. Яна бир айтиб ўтишимиз жоиз бўлган нарса шундан иборатки, 2020 йил 27 июнь-Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан филиал матбуот котиби фаолияти яхши йўлга қўйилган дея эътироф этилди. Бу эса филиал фаолиятига берилган яхши бир баҳо деб ўйлайман. Қувонарлиси ва энг муҳими айни пайтда филиал жамоаси ҳамжиҳатликда ва аҳиликда иш олиб бормоқда. Бундай муҳит эса иш самарадорлигини янада оширишга омил бўлади. Умумлаштириб айтганда, 2020 йил синовли йил бўлган бўлса ҳам маълум даражада филиал учун ўзининг яхши хотираларини совға қилди. Олдинда ҳали катта режалар ва амалга оширилиши белгиланган вазифалар кўп. Мақсадимиз ёш мутахассисларга сифатли таълим бериб, етук билимга эга кадрлар сифатида тайёрлашдан иборат. Келгуси йил учун режаларимиз бисёр. Мана янги 2021 йил эшик қоқиб турибди. Фурсатдан фойдаланиб, барча азиз юртдошларимизни, филиал жамоасини ва қадрли талабаларни кириб келаётган ажойиб байрам-янги йил билан кўтаринки кайфият ва мамнуният билан табриклайман! Илойим, тез фурсатда бутун дунё аввалги турмуш тарзига қайтиб, ҳеч қандай касаллик яқинларимизни ва ўзимизни безовта қилмасин! Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлсин. Янги йил ҳар бир хонадонга янги қувонч ва беғубор орзу-умидларни олиб келсин. Кириб келаётган 2021 йил халқимиз учун баракали ва омадли йил бўлсин! Дастурхонимиз тўкин-сочин, қалбимиз эса ҳузур-ҳаловатда бўлсин. Мўъжизавий байрамда энг беғубор тилакларингиз ушалишини тилаб қоламан! Йилдан йилга сиҳат-саломатликда етиб юриш барчамизга насиб этсин!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали директори
скачать dle 12.1