“Мен севиб ўқиган асарлар” мавзусида танлов ўтказилди
Бугун филиалимизда 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши бўйича “Мен севиб ўқиган асарлар” мавзусида танлов ўтказилди. Унга Ахборот-ресурс маркази бўлими бошлиғи Ж.Халмуратова, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди. Ж.Халмуратова тадбирни очиб берди ва олиб борди. Шунингдек, иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи А.Тлеумуратов, ўзбек тили ўқитувчиси Н.Қурбанбаева ва филиал касаба уюшмаси ташкилоти етакчиси Г.Қазахбаевалар ҳакамлар ҳайъати сифатида иштирок этишди. Мазкур танлов жами 3 шартдан иборат бўлиб, 1-шарт–асарлардан парча келтириш ҳамда муаллиф ҳақида маълумот бериб ўтиш. 2-шарт–севиб ўқиган асаридан монолог айтиш ҳамда 3-шарт эса топқирлик. Ушбу шартлар асосида филиал талабалари гуруҳларга бўлиниб, ўзаро беллашдилар. Тадбир давомида талаба ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган иштиёқи, саводхонлиги, бадиий асарларни севиб ўқиганлиги ёққол сезилди. Шу ўринда улар орасида китобхонлик маданиятини янада ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасини берганлиги ўз исботини топди. Танлов якунига кўра ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан 211-гуруҳ талабалари “Энг билимдон”, 205-гуруҳ талабалари “Энг зийрак” ҳамда 201-гуруҳ талабалари “Энг талабчан” номинацияларига лойиқ деб топилди. Уларга диплом ҳамда энг қимматбаҳо совға –китоб тақдим этилди. Танлов жуда мароқли ва қизиқарли ўтганлигини иштирокчиларнинг мамнун қиёфасидан илғаш мумкин.
скачать dle 12.1