Директор талабалар билан учрашув ўтказди
Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида 10 декабрь “Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси” қабул қилинган кун муносабати ҳамда “Коррупция ва порахўрликка қарши биргаликда курашамиз” мавзусига бағишланган учрашув ташкил этилди. Унга филиал директори А.Есимбетов, Қорақалпоқ давлат университети юридика факультети ўқитувчиси Ш.Бабанов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Е.Сейтмуратов, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Учрашувни филиал директори Адилбай Есимбетов очиб берди ва олиб борди. У ўз сўзида инсон қадри ва ҳуқуқлари, уларнинг эркинликларини ҳимоя қилиш борасида, бугунги кунда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил айтиб ўтди. Шунингдек, А.Есимбетов филиалнинг 1-босқич талабаларига ички тартиб-интизом, уларнинг талаба сифатидаги масъулиятлари ҳамда филиалдаги таълим жараёни сингари муҳим масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг Ш.Бабанов 30 моддадан иборат Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясининг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб берди. Е.Сейтмуратов эса қўшимча тарзда мавзуга оид керакли маълумотларни келтириб ўтди. Филиал талабалари мазкур учрашув давомида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Маълумот учун, БМТ Декларация қабул қилингани муносабати билан 1950 йили 10 декабрь санасини Инсон ҳуқуқлари нишонланадиган кун сифатида белгилаган.
скачать dle 12.1