Миллий мадҳиямиз садоси ҳар доим қалбимизда янграйди
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Мана бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига 28 йил тўлди. 1992 йил 10 декабрь санасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Ҳар биримиз яхши биламизки, давлат мадҳиямизнинг матни муаллифи Абдулла Орипов, мусиқаси эса Мутал Бурҳонов томонидан яратилган. Биз буни мактаб чоғимиздан ёд олганмиз. Миллий мадҳиямиз –миллий ғуруримиздир. Биз уни қалбимиз фахр-ифтиҳорга тўлиб куйлаймиз, ҳар бир сўзини юрагимиздан чиқариб айтамиз, мадҳиямизни ҳурмат қиламиз, уни севамиз. Давлатимиз мадҳияси янграй бошлаши билан, дарҳол ўрнимиздан турган ҳолда кўксимизга қўлимизни қўйиб, унга ҳурмат бажо келтирамиз. Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзларидан бири мадҳиямизда халқимизнинг энг беғубор умидлари, дилидаги пок ниятлари ва эртанги кунга бўлган ишончи баён этилган. Унинг Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан битилган матнидаги ҳар бир сўзи қалбимизга яқин ва биз учун қадрлидир. Айниқса хорижий давлатларда спортчиларимиз қучган зафари шарафига ватанимизнинг мадҳияси янграган пайтда биз чексиз бир ғурур туйиб, ич-ичимиздан қувонамиз. Айнан мана шу дақиқалар ичида шундай ажиб бир ҳисларни бошдан кечирамизки, унинг бизга ином этган завқини бошқа ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Биз шундай ватанпарвар инсонлармиз–ўз миллатининг давлат рамзларини севиб ҳурмат қиладиган, мадҳия куйини қалбига жойлаб, байроғи тасвирини юрагига туширган халқмиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-боб, 5-моддасида «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга» эканлиги тасдиқланган. Яқинда «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигига 29 йил тўлганлигини байрам сифатида нишонлаган эдик. Мана бугун халқимиз учун яна бир шодиёна, ажойиб байрам. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини ҳар доим қўлимиз кўксимизда, ғурур ва фахр билан куйлаймиз.
Зийўар Хожамуратова
скачать dle 12.1