9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Қайси соҳани олиб қарамайлик, адолат ва шаффофлик унда муҳим мезон ҳисобланади. Коррупция аталмиш қора иллат эса адолатнинг томирига болта уриб, инсонларни қора ният томон бошлайди. Жамият ривожига соя солади. Шу боис, давлатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2019 йил 27 майда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича аниқ фикрлар ўртага ташланган эди. Зеро, ёш авлод коррупциясиз таълим олса, яқин келажакда бу иллатнинг йўқ бўлиш эҳтимоли икки бараварга ошади. Афсуслар бўлсинки, олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамай, ҳали-хануз бундай кўнгилсиз ҳолатлар учрамоқда. Албатта, билиб-билмай бундай ишга қўл урган шахслар ўз вақтида адолат тарозисига солиниб, жавобгарликка тортилмоқда. Бу нарсанинг илдизига бирданига болта уришнинг имкони йўқ. Шунинг учун ёшларимиз онгига сингдириб борилса ва албатта олий таълим муассасаларида бу борада салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб борилса ўз натижасини беради.
Бугун, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”. Маълумотларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб мазкур сана нишонланиб келинмоқда. Бу иллатга қарши курашиш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, ҳамжиҳатликда қилинган иш яхши самарасини беради. Бу мавзуда сўз кетар экан, шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Коррупциянинг тузоғига илинмаслик учун биринчи навбатда виждонимизга қулоқ тутишимиз зарур. Айниқса, мансабдан фойдаланиб порахўрликка йўл қўйишлик ўзимиз учун кечириб бўлмас иснодлигини ҳар дойим эсда тутишимиз керак. Ҳар қандай дили тоза инсоннинг ниятлари ва ҳаёллари ҳам пок бўлади. Яхши ниятимиз — ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишдан иборат бўлсин. Орзуларимиз руёби ва фаровон турмушимиз адолат ғиштидан қурилсин. Қора иллат жамиятимиз ривожи йўлида асло тўсиқ бўла олмасин.
Зийўар Хожамуратова
скачать dle 12.1