Туялар парвариш қилинаётган хонадонга ташриф
Биламизки, назарий билимлар амалиёт билан мустаҳкамланиб борилса ўзининг яхши самарасини беради. Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали талабалари учун жойларда амалий дарслар ташкил қилинмоқда. Жумладан, Зооинженерия:Йилқичилик ва туячилик йўналишининг 3-босқич талабалари “Чорвачилик асослари” фанидан ўқитувчиси Амина Торешова раҳбарлигида Нукус шаҳридаги “Қумбыз аўыл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги туя парвариш қилаётган хонадонлардан бирига ташриф буюрди. Бу ерда талабалар туялар сутини соғиш ҳамда ундан қатиқ (шубат) тайёрлаш жараёнини батафсил кузатдилар. Хонадон эгаси туялар таҳминан йилига 2000 литргача сут беришини айтиб ўтди. Шунингдек, талабалар уй шароитида парвариш қилиниб келинаётган туяларнинг озиқланиш рациони билан ҳам яқиндан танишди. Азалдан туя сути ўзининг шифобахшлиги билан маълум. Унинг таъми истеъмол қилган озуқасига ҳам боғлиқ бўлади. Маълумотларга қараганда туялар сути таркибида С ва Д витаминлари кўп бўлар экан. Уй эгаси шубатдан ташқари туя сутидан ёғ ва пишлоқ тайёрлаш мумкин эканлигини таъкидлади. А.Торешова шу ерда талабаларга туя соғиб кўрсатди. Мазкур амалий дарс давомида йилқичилик ва туячилик йўналишида таҳсил олаётган филиал талабалари яхшигина кўникма ҳосил қилди десак муболаға бўлмайди. Мана шу тарзда туялар билан ўтказилган амалий дарс мароқли тарзда якунланди.
скачать dle 12.1