Афғонистон Ислом Республикаси олий таълим вазирлиги билан меморандум имзоланди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси олий таълим вазирлиги ўртасида меморандум имзоланди.
“Regency Tashkent» меҳмонхонасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Олий таълим вазирлиги ўртасида афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонда олий маълумот олиш учун йўналтириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Меморандум Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ва Афғонистон Ислом Республикаси Олий таълим вазири ўринбосари Абдул Тавоб Болокарзай томонидан имзоланди.
Меморандумда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, ўқув материаллари алмашинуви, қўшма тадқиқот ишларини тарғиб қилиш ва томонларнинг иштирокида нашр этилган илмий журналларда мақолаларни нашр этиш каби йўналишлар икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Шунингдек, вазирликда Афғонистон делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларда АИР учун темир йўл транспорти, қишлоқ хўжалиги, муҳандислик таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорда таълим ва соғликни сақлаш Сурхондарё вилоятининг чегараолди ҳудудида Афғонистон фуқаролари учун тиббиёт, ўқув ва бошқа хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 911-сон қарори асосида Марказ ташкил этилган эди.
2018-2019 ўқув йили давомида Марказда 96 нафар «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналишида талаба таҳсил олди ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университетининг бакалавр дипломига эга бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати
скачать dle 12.1