Байроғимиз – ғуруримиз, фахримиз
Бугун, 18-ноябрь–«Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Мазкур қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган. Ҳар сафар байроғимизнинг осмон узра ҳилпираб турганлигига кўзим тушганида қалбим чексиз ғурурга тўлади. Айниқса юртимиз спортчилари хорижий давлатларда ўтказилган мусобақада ғалаба қозониб, ғурур билан байроғимизни елкаларига опчиб олганида, лабларим титраб, кўзларим жиққа ёшга тўлади. Албатта бу фахр ҳиссини туйган қалбдан тўкилган хурсандчилик кўз ёшлари. Ахир миллий байроғимиз жаҳон ареналарида баланд кўтарилса бундан ортиқ шукурона ва қувонч борми? Фахру ғуруримиз бўлган байроғимизни авайлаб ушлаганча, секин ўпиб қўйсам. Ундаги қатор тизилиб турган юлдузлар ёғдуси гуё қалбларимизни ёритгандек. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг тимсолидир. Давлат байроғимиз фаровон турмушимизни, тинчлигимизни ҳамда буюк келажагимизни ўзида мужассам этади. Байроқдаги мовий, яшил ранглар ва қизил чизиқлар нималарнинг рамзи эканлиги бизга ёшлигимиздан қалбимизга сингдирилган. Ватанга бўлган соф муҳаббатимиз давлатимиз рамзлари – байроғимиз, гербимизни севишдан ҳамда мадҳиямизни ғурур билан куйлаганимиздан бошланади. Байроғимиз ҳар доим фақат ва фақат юксакларга кўтарилиб, баланд жойларда ҳилпираб турсин!
Зийўар Хожамуратова
скачать dle 12.1