Талабалик—умр китобимиз саҳифаларини безайдиган давр
Талабалик—умр кундалигимизнинг ёрқин саҳифаларини безайдиган бетакрор давр. Энг беғубор орзуларимиз руёби мана шу давр билан боғлиқ. Илк бор олийгоҳга қадам қўйганимизда, қалбимиздан кечган ҳаёжонли ҳислар ва бир олам таассурот бир умр хотирамизга муҳирланиб қолади. «Талабалик кундалиги»мизнинг илк саҳифасига шу сўзни битамиз: “Салом, олтин давр”. Ва ниҳоят! Курсдошлар билан танишув онлари етиб келади. Суҳбат чоғида уларнинг кўзларига боқар экансиз, қалбингизда кечаётган ажиб ҳисларнинг аксини кўрасиз. Олийгоҳ қучоқ очиб, сени бағрига олади. Энди бу манзил сенга қадрдон маконга айланади. Институт биносига олиб борадиган йўл харитасини юрагингизга чизасиз. Мана шу даргоҳнинг бир бўлагига айланиш буюк шараф. Устозларнинг қайноқ меҳр тафтини ҳис этиш эса олий бахтдир. Маъруза хонасининг бир бурчагида ҳаёл суриб ўтирар экансиз, қулоғингизга домланинг ёқимли овози ва курсдошларнинг шивир-шивири чалинади. Қўнғироқ чалинганида эса бошқа бир муҳит жонланади. Институт бўйлаб талаба ёшларнинг жарангдор овози янграйди. Атрофни эса уларнинг беғубор шўх-шодон кулгулари эгаллайди. Дарсга кечикишлар, талабалар турар жойидаги мароқли ҳаёт, бекатда автобус кутишлар, маърузалар, имтиҳон, жўшқинлик, курсдошлар билан тортишувлар, баҳс-мунозаралар, тотувлик ва ўзаро беғубор муносабатлар. Мана шу тарзда талабалик даври қайнайверади. Лекин, афсус бешавқат йиллар энг беғубор онларни тез фурсатда сиздан тортиб олади. 4 йил қандай ўтганлигини ҳатто илғамай қоласиз. Шунинг учун, олтин даврингизнинг ҳар бир лаҳзасида яшай олинг! Бу дамлар қайтиб келмайди. Йиллар ўтиб ортингизга ўгирилганингизда, афсус ва надомат эмас аксинча қувонч ва бахтиёрликни кўринг. Хотира дафтарингизн варақлар экансиз, унда битилган талабалик чоғларингизни лабингизда майин табассум, қалбингизда ўтли ҳаёжон билан эсга олинг. Ва шуни унутманки, талабаликнинг энг олий мукофати ва иноми яхши таълим олиб, билимни мустаҳкамлашдадир. Ишонаверинг, агар мана шу энг муҳим бўлагини уддалай олсангиз, ҳаётнинг энг олий мукофатига сазовар бўласиз. Умр деб аталмиш китобимизнинг энг катта боби «Талабалик» боби бўлиб қолади. Уни кимки мутолаа қилса бир ҳикмат, ярим бўлса ҳам ибрат олсин. Лабида табассум югуриб, мана шу онларни ўзининг бошидан кечириш, яшаш истаги туғиладиган даражада ҳаёжонли ва қизиқарли саргузаштларга бой бўлсин. Балким, ижодкорлигимга бориб, бирозгина бўрттириб юборгандирман. Лекин аниқ биламанки, талабалик қоғозга оддий сўзлар билан битилмайди. Мен ҳам «Талабалик китоби»нинг ақалли бир жилдини ёзган ва бу онларнинг бағрида яшаган талаба сифатида бугунги байрам сабабли қаламимни қўлга олиб бир нарсалар ёзган бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, филиалимизнинг ёш ва шижоатли талабаларини 17-ноябрь «Халқаро талабалар куни» билан самимий табриклайман. Ўқишларингизда омодлар тилайман! Талабалик даврингизнинг ҳар бир лаҳзаси ёрқин хотираларга бой бўлсин.
Зийўархан ХОЖАМУРАТОВА,
СамВМИ Нукус филиали
матбуот котиби
скачать dle 12.1