Филиал талабалари «Қорақалпоқ балиқ саноат» МЧЖ фаолияти билан танишди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг Зооинженерия: Балиқчилик йўналишининг 2-босқич талабалари учун «Балиқларни урчитиш» фани доирасида “Балиқлардан янги насл олиш ҳамда гибридлаш” мавзусида фан ўқитувчиси Азамат Жолдасбаев томонидан сайёр дарс ташкил этилди. Талабалар А.Жолдасбаев бошчилигида пойтахтимиздаги «Қорақалпоқ балиқ саноат» масъулияти чекланган жамият корхонасига ташриф буюрдилар. Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 2 октябрь кунги Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида мазкур корхона фаолияти билан танишган эди. Талабаларни директор ўринбосари С.Тулепов кутиб олиб, корхонанинг ёпиқ сув айланма тизими фаолияти билан яқиндан таништирди. Филиал талабаларига Вьетнам технологияси асосида барпо этилган мазкур ёпиқ сув айланма тизими ҳавзасида етиштирилаётган балиқлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Унинг афзаллиги шундан иборатки, қиш фаслида ва ёзда ҳам ҳароратни бир маромда сақлайди. Шунингдек, корхона йилига 2500 тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга экан. Филиалнинг балиқчилик йўналишида таҳсил олаётган талабалари учун амалий дарсларни самарали ва қизиқарли тарзда ташкил этиш мақсадида амалга оширилган мазкур ташриф давомида талабалар корхона ходимлари томонидан керакли маълумотларга эга бўлишди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, келгусида филиал талабалари ҳафтасига 5-6 нафардан бу ерга келиб, ўзларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имконияти яратилди. Бу эса ўз ўрнида таълим сифатини янада оширишга омил бўлади. Ташкил этилган сайёр дарс давомида талабалар амалий кўникмага эга бўлдилар.
скачать dle 12.1