Кун мавзуси: Анъанавий дарслар қачон бошланади?
Айни кунларда ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасаларида анъанавий ўқиш қачон бошланиши кун мавзусига айланди. Хўш, бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати қандай аниқлик киритади:«Ўқишни қайси шаклда бошлаш бўйича ўтказилган сўровнома ўз якунига етди ва якуний қарор тез орада эълон қилинади. Олий таълим муассасаларида 2 ноябрдан бошлаб анъанавий дарслар бошланиши бўйича тарқалаётган хабарлар расмий асосга эга эмас. Ҳозир истаган одам Telegram мессенжерида канал очяпти ва уни оммалаштириш учун истаган хабарини эълон қиляпти. Қандай қарор қабул қилинганда ҳам талабаларга тайёргарлик учун маълум вақт берилади»
Ҳозирги пандемия даврида олий таълим муассасаларида анъанавий дарсларни бошлаш учун шошқалоқлик билан қарор қабул қилиб бўлмаслиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун ҳар томонлама пухта ўйлаб, олийгоҳлардаги вазиятни ўрганиб, шундан сўнг якуний хулосага келган маъқул бўлса керак. Олий таълим соҳасини мактабгача таълим ёки умумий ўрта таълим тизими билан солиштириб бўлмаслиги, бизда вазият бироз хавфлироқ эканлиги ҳам таъкидланмоқда. Албатта, кўплаб талабалар анъанавий дарсларни қумсаб, соғинч ҳиси билан яқин кунларда ўқиш бошланиши тарафдори бўлмоқдалар. Шунингдек, ҳозирги вазиятни инобатга олиб, онлайн тарзда давом этишини маъқул кўраётганлар ҳам кам эмас. Ҳулласи биз бу борада бир нима деб фикр билдиришдан йироқмиз. Расмий хабар вазирлик томонидан эълон қилинади. Шу ўринда талабалар ҳамда уларнинг ота-онасидан ҳар хил мазмундаги расмий асосга эга эмас хабарларгамас, расман тасдиқланган маълумотга ишониш керак эканлигини сўраб қолган бўлар эдик. Анъанавий дарслар бошланиши ҳақида расман эълон қилинса албатта, сайтимиз ҳамда телеграм каналимиз орқали ёритамиз.
Зийўар Хожамуратова
скачать dle 12.1