СамВМИ Нукус филиали 1-босқич талабаларни қарши олди
Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар—1-курс талабалари учун танишув дарслари ташкил этилди. Беғубор ҳаёжон билан олийгоҳга илк бор қадам қўйган талабаларни шахсан филиал директори Адилбай Есимбетов кутиб олди. Дастлаб уларни талабалик бахтига муяссар бўлганлиги билан табриклаб, самимий тилакларини билдириб ўтди ҳамда бошлаётган ўқишларида муваффақиятлар тилади. Филиалда танишув дарсларини ташкил этишда карантин қоидаларига қатъй амал қилиш инобатга олинди. Жумладан, институтга киритилаётган талабаларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар билан дезинфекция қилинди. Шундан сўнг талабалар аудиторияларга киритилиб, профессор-ўқитувчилар томонидан филиал фаолияти ва йўлга қўйилган масофавий таълим тизими ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Таълим олиш жараёнида зарур бўладиган адабиётлар рўйхати ҳам батафсил айтиб ўтилди. Мана шу тарзда танишув ҳафталиги давомида талабаликка қабул қилинган абитуриентлар учун онлайн таълим олиш кўникмаси шакллантирилади. Биринчи босқич талабалари бугунги ташкил этилган танишув дарслари орқали ўқув жараёнига тегишли барча керакли маълумотларга эга бўлишди. Талаба ёшларнинг институт биносида ўтган илк куни завқли кечди деб умид қиламиз.
скачать dle 12.1