СамВМИ Нукус филиали директорининг самимий байрам табриги
Ҳаммамизга маълумки, юртимизда ҳар йили 1 октябрь санаси Ўқитувчи ва мураббийлар байрами сифатида кенг нишонланади. Бу шарафли касб эгаларини қанча эъзозласак, шунча камдек туюлаверади. Ахир, уларнинг зиммасида келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлодни тарбиялашдек муҳим бир вазифа бор. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Мен муаллимларнинг жамиятимиздаги обрўсини ошириш ҳақида кўп ўйлайман. Чунки ўзим кўп йиллар олийгоҳда домла бўлиб ишлаганим учун бу соҳанинг қанчалик қийин ва машаққатли эканини яхши биламан", —деган сўзлари замирида мазкур касб эгалари билан нечоғлик фахрланишимиз керак эканлигини яна бир марта чуқур англаймиз.
Дарҳақиқат, ҳар биримизнинг ўз касбимизнинг етук мутахассиси бўлиб, жамиятда ўз ўрнимизни топишимизда уларнинг хизмати беқиёсдир. Инсон қандай мавқеи ва даражага эришмасин, у албатта, мактабда оддий муаллимдан таълим олган бўлади. Аслида бу «оддийлик» иборасида юксак инсоний фазилатлар мужассам. Устозлар бизга таълим ва тарбия берадилар, яна ҳаётда ўз йўлимизни топишимизда ўзларининг катта хиссаларини қўшадилар. Аммо, бунинг эвазига ўз ўқувчисидан миннатдорчилик ва на эътироф кутмайдилар. Мана уларнинг оддий буюклиги нимада. Ҳозирда Республикамизда 123 та олий таълим муассасаларида кўплаб профессор-ўқитувчилар ўз фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг энг олий мақсадларидан бири ватанимиз келажаги учун етук мутахассисларни тайёрлаб беришдир. Ўқитувчилар бундай масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқдалар. Шу ўринда, ўзимизнинг филиалдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, айни пайтда Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида «Табиий ва умуммутахассислик фанлар» кафедраси мавжуд бўлиб, унда деярли 20 нафарга яқин ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида илмий даражага эга ходимларимиз ҳам бор. Бўлажак ветеринарларга ҳар томонлама сифатли таълим бериш учун профессор-ўқитувчиларимиз бор имконият ва салоҳиятларини сафарбар этишига ишончим комил. Пандемия шароитида таълим масофавий шаклда йўлга қўйилган бўлса ҳам, филиалимизнинг фаол ўқитувчилари талабаларимизга онлайн таълим беришда жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Мени қувонтирадигани, улар ҳар доим ўз ишларига профессионал ёндашув олиб боришга интиладилар. Албатта, бу касб эгалари шу боис ҳам ҳамма вақт ҳурмат ва эъзозда бўлишади. Бизга таълим берган устозларга миннатдорчилигимизни изҳор қилишнинг ўзи камлик қилади. Ахир, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, “Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” Оддий муаллимнинг олтин ўгитлари ила катта ҳаёт остонасига қадам ранжида қиламиз. Устоз меҳрининг тафти худди қуёш нурлари каби қалбимизни илитади. Ишонаверинг, улар учун шогирдининг камолидан ортиқ бахт йўқ. Шогирди юксакларга парвоз қилгани сари у янада камтар бўлади. Улар ўқитувчилардир. Биз уларсиз ҳаёт сабоқларини ўзлаштира олмаймиз. Замонавий таълимни ҳам айнан улар ривожлантиради. Фурсатдан фойдаланиб, Республикамиздаги энг ардоқли касб эгалари бўлган барча ўқитувчи ва муррабийларни, жумладан, филиалимизнинг ҳурматли профессор-ўқитувчиларини ажойиб байрам билан чин кўнглимдан самимий муборакбод этаман! Ҳар бирингизнинг хонадонларингизга файзу барака ва тинчлик тилайман! Сиҳат-саломатликда иш фаолиятингизни олиб бориш насиб этсин! Ҳамийша шарафли касбингиздан камол топинг! Байрамингиз муборак, азиз устозлар!
Ҳурмат билан,
Адилбай Есимбетов,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали директори
скачать dle 12.1