Ўзбекистон раҳбари БМТда илк бор ўзбек тилида сўзлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, камбағалликка қарши кураш, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда таклифлар берди.
Ўзбекистон раҳбари БМТда илк бор ўзбек тилида сўзлади.
Қуйида президентнинг чиқишидаги асосий қисмлар келтириб ўтилади.
Коронавирус пандемияси ҳақида
Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.
Шу йўлда барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик.
Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир.
Бу борада биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим.
Ислоҳотлар
Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди.
Ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этди.
Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир.
Ёшлар сиёсати
Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик.Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз.
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.
скачать dle 12.1