Қорақалпоғистонда қанча абитуриент тест синовларига иштирок этмади?
Республика бўйлаб 2020/2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонлари ўз якунига етди. 17-сентябрь санасида тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилди. Бундан аввал, сайтимиз орқали кириш имтиҳонларига айрим сабабларга кўра қанча абитуриент иштирок этмаганлиги ҳамда белгиланган тартибга риоя қилмаганлиги сабабли тест синовларидан қанча абитуриент четлаштирилганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Хўш, Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган тест синовларида мазкур ҳолат бўйича статистикага юзланамиз. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг давлат ҳукумат порталида эълон қилинган маълумотга кўра, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган тест синовларида 67470 абитуриент иштирок этиши белгиланган бўлса, шундан 65680 абитуриент тест синовларига қатнашди. 1790 абитуриент эса номаълум сабабларга кўра тест синовларига келмаган. 9 абитуриент тақиқланган ҳаракатларни амалга ошириб, тартибга риоя қилмаганлиги учун тест синовларидан четлаштирилган.
Кириш имтиҳонлари пайтида тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлганлиги сабабли иштирок эта олмаган 2 нафар абитуриент учун 17 сентябрь куни тест синовлари ташкиллаштирилди. Унда 2 абитуриент иштирок этиши белгиланган эди. Лекин куни кеча ўтказилган қўшимча тест синовларида тест топшириши белгиланган 1 нафар абитуриент иштирок этган, иккинчи абитуриент эса тест синовларига келмаган. Республика бўйлаб 2 сентябрь санасидан старт берилган тест синовлари тўлиқ таризда ўз якунига етди.
Зийўар Хожамуратова
скачать dle 12.1