Онлайн таълим тизими янгича ёндашувларга имконият яратди
Маълумки, коронавирус пандемияси сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида талабаларни ўқитиш учун янги усул, янгича ёндашув йўлга қўйилди.
Мазкур жараён республикамиздаги деярли барча олий ўқув юртлари учун катта тажриба бўлди. Биз илк маротаба масофавий таълим дастурини синаб кўрдик. Натижа эса ёмон бўлмади.
Очиқ тан олиш керакки, онлайн ўқитиш борасида муаммо ва камчиликларимиз кўп бўлди. Бизда энг асосий омил – тажриба етишмади. Аммо талабаларимиз масофадан туриб сифатли таълим олишлари учун бор имкониятимизни ишга солиб ҳаракат қилдик. Билмаганимизни ўргандик.
Тўғрисини айтиш керак, онлайн таълим тизимига нафақат талабаларимиз, балки ўзимиз ҳам ҳали тўлиқ тайёр эмас эдик. Ҳар ишнинг бир ҳикмати бор дегандек, пандемия сабабли жорий этилган масофавий таълим тизими биз учун чин маънода катта тажриба мактаби бўлди.
Биз ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб бораётган даврда яшаяпмиз. Ахир қачондир онлайн таълим тизимини йўлга қўйишимиз зарур эди. Бу янги усулни вазият тақозоси билан йўлга қўйган бўлсак-да, бизга яхши тажриба бўлди. Янги ўқув йилини ҳам 2 сентябрдан расман онлайн тарзда бошладик.
Лекин аввалги хато ва камчиликларимиз бизга сабоқ бўлди. Энди уларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Янги ўқув йилига барча профессор-ўқитувчиларимиз билан биргаликда пухта тайёргарлик кўрдик. Филиалнинг иккинча ва учинчи босқич талабалари масофавий таълимни сифатли ўзлаштириши учун филиал расмий веб-сайтида “moodle” тизимининг янгиланган версияси ишга туширилди.
Янги ўқув йили олдидан талабалар ўртасида онлайн саволнома ўтказилди. Унда бу борада аввалги йўл қўйилган камчиликлар ва янги ўқув йилида филиалда масофавий таълим қандай тарзда амалга оширилиши бўйича ҳар бир талабанинг истак-хоҳишлари ҳамда таклифлари ўрганиб чиқилди.
Яна бир жиҳат, менимча, масофавий таълим беришда фақат “moodle” тизимидаги электрон дарсликлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак.
“Zoom” онлайн платформаси орқали талабалар учун илмий мавзуларда вебинарларни ташкил этиш, жоиз бўлса дарсларни “Skype” тизими орқали ўтказишни кўзлаябмиз. Янги ўқув йилининг дастлабки ҳафтасидан вебинарлар ташкил этилди. Жонли мулоқот барибир ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Замонавий таълим бериш учун замонавий фикрлаб, мана шундай замонавий ёндашув усулидан боришимиз керак. Ривожланган давлатларда онлайн таълим усули аллақачон урфга кирган. Аслида таълимнинг бу шакли ҳар томонлама қулай ҳисобланади ва кам ҳаражат талаб этади.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Масофавий таълим олиш жараёнида талабалар фақатгина назарий билимлар билан чекланиб, амалий кўникмалардан узилиб қолиши мумкин.
Масалан, ушбу йўналишда амалиёт муҳим аҳамият касб этади. Бўлажак ветеринарлар албатта, назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаб боришлари зарур. Айтиш жоиз, улар уй шароитида ҳайвонларни даволаш ва мавсумий касалликларга қарши эмлаш сингари ишларни амалга оширишди.
Ёзги таътил давомида улар ўзлари истиқомат қиладиган худудларда эпизоотияга қарши кураш тадбирларида қатнашиб, уй ҳайвонларини эмлаш ҳамда даволашни ўрганиш ишлари билан шуғулланишди. Биз бундан жуда мамнунмиз. Зеро, Бернард Шоу айтганидек, “Билимга элтувчи ягона йўл бу – фаолиятдир”.
Демак, билимга чанқоқ талабаларимиз таълим олиш жараёнида ҳар қандай вазиятда ҳам фаол бўлишга интилади. Пандемия шароитида онлайн таълим тизимини йўлга қўйишдан асосий мақсад ҳам шу! Таълим бериш жараёнларини узлуксиз таъминлаш.
Майли ўқитувчиларимиз аудиторияларда дарс бера олмаётган бўлса ҳам, институт маъруза хоналари бўм-бўш турган бўлса ҳам асосийси талабаларга таълим бериш фаолияти давом этмоқда. Биз ҳозирги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, талабаларга таълим беришда тўғри йўналишини белгилаб олдик.
Масофавий таълим тизими – замонавий таълим томон ташланган шахдам қадам бўлади. Биринчи навбатда, ўзимиз янги усул ва янгича ёндашувга мослашиб, ўз тажрибаларимизни орттириб боришимиз керак.
Адилбай ЕСИМБЕТОВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти
Нукус филиали директори
скачать dle 12.1